БОЛАЛАРНИНГ МЕҲРИБОНЛИК УЙИГА ТУШИШ САБАБЛАРИ ИЖТИМОИЙ-ПСИХОЛОГИК ТАҲЛИЛИ
Abstract
Бугунги кунда бола оилада, меҳрибон инсонлари қуршовида яшаши ва алоҳида парваришда ўсиши керак. Фақат шундагина у бахтли ва баркамол инсон бўлиб улғаши учун замин яратилади.
Шунинг учун фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлар деинституционализация жараёнига, етимликнинг олдини олиш (профилактикаси)га бефарқ бўлмасликлари ва бу жараёнда иштирок этишлари, агар боланинг меҳрибонлик уйига тушиш эҳтимоли бўлса, давлат идораларига нотинч ва оғир аҳволдаги оилаларни аниқлашда ёрдам беришлари жуда муҳимдир. Сабаблар талайгина бўлиши мумкин ва мутахассислар бу вазиятда боланинг манфаатлари қанчалик ҳимоя қилинишини, оилага ёрдам беришнинг имкони бор-йўқлигини ўрганиб, керакли ишларни амалга
оширишлари керак. Балки вазиятни ота-оналарни иш билан таъминлаш орқали яхшилаш мумкиндир.
Ўзбекистонда қабул қилинган деинституционизация бўйича ҳаракатлар режаси оилаларни қўллаб-қувватлаш хизматларини яратиш, болалар ва оилаларнинг ажралишини олдини олиш учун асосдир.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ота-она қарамоғисиз қолган болалар ижтимоий мавқеининг икки тушунчаси мавжуд: Етим бола – ота-онаси вафот этган ёки суд қарорига мувофиқ вафот этган деб тан олинган бола ҳисобланади (ЎзР ФҚ нинг 36-37-моддалари). Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола – ҳар қандай сабабга кўра ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола, бундан етим бола мустасно.
Ҳар қандай инсон Меҳрибонлик уйига борганида, болаларнинг кўзларида қалб ноласи, оғриқ ва умидсизликни англайди. Тўғри, давлат меҳрибонлик уйларида уларнинг фаровон яшашлари учун барча шароитларни яратмоқда. Aммо ҳеч бир тарбиячи ҳеч қачон меҳрибон ота-оналарнинг муҳаббати ва меҳри ўрнини боса олмайди. Болаларнинг ўзининг “шахсий ҳудуди”, шахсий алоқалари йўқ. Баъзан улар қўллаб- қувватлашга, ҳамдардликка муҳтож бўлишади. Эҳтимол, улар шунчаки ким биландир гаплашишни ёки маслаҳат олишни исташар. Бу жараёндаги ўзига хос тўсиқлар, уларни руҳий тушкинликка олиб келади ва шахсий фазилатларининг намоён қилиш имконидан маҳрум қилади. Одатда, бундай болалар ижтимоий муҳитга мослашиш жараёнида ота-онаси мавжуд бўлган болаларга нисбатан секинроқ кечади. Бугунги кунда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ўзининг ўзи англашига, ҳар томонлама баркамол бўлиб ривожланишига катта эътибор қаратилиб келинмоқда. Миллатнинг бундай яратилган шарт-шароит натижасида ўзлигини англаши, унга ишонч бахш этади ва истиқболли келажакка умид билан қарашга замин яратади. Маълумки, шахс камолотида меҳрибонлик уйларининг ҳам аҳамияти чексиздир. Бироқ ҳеч қандай меҳрибонлик уйлари оиланинг ўрнини боса олмайди. Тақдир тақозоси билан ёки айрим ота-она номига нолойиқ инсонлар туфайли баъзи болалар меҳрибонлик уйларида тарбияланиб, вояга етишга мажбурдирлар. Етимлик илоҳий бир қисмат, шунинг учун ҳам инсон пешонасида ёзилганини кўриш тақдири азалдир. Дарҳақиқат, тақдир қисматидан қочиб қутилиб бўлмайди. Ана шундай қисмат норасида гўдакни меҳрибонлик уйига етаклаб келади.
Ҳукуматнинг 2022 йил 17 январдаги 26-сон қарорига мувофиқ, Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб- қувватлашга қаратилган “Меҳр дафтари” тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида “Меҳр дафтари”га киритилади ва ундан чиқарилади. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганларни қўллаб қувватлаш мақсадида “Меҳр дафтари” тизими жорий қилинди. Болалар ушбу дафтарга туман ёки шаҳар ҳокими қарори асосида киритилади ва ундан 25 ёшга тўлганда чиқарилади. Бунда дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт. Шу билан бир қаторда Меҳрибонлик уйларига бир йил муддатга оилани ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида муҳтож оила фарзандлари, кўп болали оила фарзандлари, ёлғиз ота-оналарнинг фарзандлари қабул қилинадилар. Болаларнинг Меҳрибонлик уйига келиб тушишдан олдинги турмуш тарзини ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилояти Меҳрибоник уйларидан бирида 87 нафар тарбияланувчиларнинг ҳужжатлари атрофлича ўрганиб чиқилди ва таҳлил қилинди. Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, болаларнинг Меҳрибонлик уйига келиб тушишлари бир эмас, балки бир неча сабаблар, хусусан, кўпчилик ҳолатларда оилада ноқобил психологик муҳитнинг мавжудлиги, боланинг меъёрий яшаши учун шароит йўқлиги ёки унинг келгусидаги ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган омилларнинг мавжудлиги кабиларга боғлиқ.
Ҳужжатлар таҳлили якунида Меҳрибоник уйи тарбияланувчиларининг муассасага келиб тушишининг асосий сабабларини белгиладик ва уларни алоҳида тоифаларга ажратдик:
- етим болалар: ● тарбиядан воз кечилганлар; ● ижтимоий мослашмаган, ноқобил оила (ахлоқсиз ва ғайриижтимоий хулқ-атвори сабабли ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки чекланган) фарзандлари; ● ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмаган, аммо спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ота-оналарнинг фарзандлари; ● ота-онаси жазони ўташ муассасаларида (бу болаларнинг ота-онаси бугунги кунда озодликка чиққан бўлиши ҳам мумкин, бироқ, кўп ҳолларда озодликка чиққан ота-оналар фарзандларини Меҳрибонлик уйларидан қайтиб олишмайди); ● ногиронликка эга бўлган отаоналарнинг фарзандлари; ● ёрдамга муҳтож оилалар фарзандлари; ● ота-оналари меҳнат эмиграциясида; ● ота-оналар тўғрисида маълумот йўқ.
Статистик таҳлил натижалари гистаграмма тарзида яққол кўринади: Қуйидаги ижтимоий-психологик таҳлил натижалари ҳамда психологик кузатувлар шуни кўрсатадики, меҳрибонлик уйига олиб келинган болаларнинг аксарияти психологик салбий муҳитда ўсганлигини кўришимиз мумкин. Бу турдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини “Ижтимоий етим” мавқеига киритилувчи болаларнинг ижтимоий вазиятлари келтирилган: ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилмаган, бироқ ғайриижтимоий турмуш тарзини олиб борувчи оила фарзандлари 32% ни ташкил қилди. Келгусида бу болаларнинг ижтимоий мавқеини аниқлаштириш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилиши зарур, чунки, оила аъзоларининг муайян реабилитацион чоралар натижасида хулқи ўзгариши ёки ўзгармаганлигини аниқлаштириш натижасида миллий қонунчилик меъёрларида белгиланган фуқаролик ишлари бўйича чоралар кўрилиши лозим; топиб олинган ёки ташлаб кетилган болалар 13% ни ташкил қилди. Ушбу турдаги ҳолатларни олдини олишда хуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушбу турдаги жиноятлар учун мўлжалланган меъёрий хужжатлар ижросини такомиллаштириш; ўз фарзанди тарбиясидан воз кечган ота- оналарнинг болалари 12% ташкил этди. Ушбу турдаги ҳулқида, аҳлоқида ҳамда руҳиятида оғишишлар мавжуд бўлган ота-оналар билан психологик хизматни йўлга қўйиш орқали улар руҳиятини соғломлаштириш; ота-оналари жазони ўташ жойларида бўлганларнинг фарзандлари 8% ни ташкил қилди.
Кўпгина ҳолларда ота-оналарнинг жазони ўташ муддатлари тугаган тақдирларида ҳам ўз фарзандларини Меҳрибонлик уйидан олиб кетиш истагидан бироз йироқда бўладилар. Бундай оқибатларнинг олдини олиш
мақсадида Меҳрибонлик уйи ижтимоий иш ходими тарбияланувчининг жазони ўташ муассасасидаги ота- онаси билан меҳр ришталари узилмаслигини олдини олиш мақсадида албатта қонун доирасида, имкон қадар алоқада (масалан, хат ёзишиш орқали) бўлиб туришига ёрдам бериши лозим. Ота-онанинг жазони ўташ муассасаларидан озод бўлиши муддати тугаш арафасида ва кейинроқ ўз фарзандларини қайтариб олишларига амалий ёрдам кўрсатиши лозим; ногиронлиги мавжуд бўлган оилаларнинг фарзандлари 2% ни ташкил қилди.
Тарбияланувчилар орасида ота-оналари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ бўлган болалар ҳам бўлиб, улар 4% ни ташкил этади. Ушбу вазиятда мазкур болаларнинг ижтимоий мавқеи аниқлаштирилмаган бўлгани учун уларни “ижтимоий етим” болалар қаторига қўша олмаймиз. Боланинг келгусидаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда қийинчиликлар юзага келмаслиги учун муассаса ижтимоий иш ходими ва тегишли ваколатли органлар масъуллари боланинг ота-онаси ҳақидаги маълумотни топиш ва боланинг вазиятини аниқлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошириши лозим. Агарда ота-онанинг қаердалиги маълум бўлмаса, у тақдирда уларнинг бедарак йўқолганлиги ёки вафот этганлиги фактини эълон қилиш бўйича даъволарнинг илгари сурилиши ҳақиқатда ҳам ота-она қарамоғисиз қолган бола учун белгиланган давлат имтиёзлари ва ҳуқуқларга эга бўлиш бўйича ишларни амалга ошириш зарурдир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидагича хулоса қилиш мумкинки, Меҳрибонлик уйларига ота-онаси мавжуд, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда ҳар хил ижтимоий сабабларга кўра тушиб қолаётган болаларни ўз оилаларига қайтаришда барча мутасадди ташкилотларнинг биргаликдаги фаолиятини жорий этиш лозим.
Хулосадан келиб чиқиб қуйидаги тавсияларни бериб ўтишни лозим топдик: -хукумат фармон ва қарорлари бўйича ҳаракатлар режаси оилаларни қўллаб-қувватлаш хизматларини яратиш ва ажралишишлар олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар меҳрибонлик уйига тушиш эҳтимолини олди олиш учун асосдир. -бола ривожланиши учун табиий муҳит сифатида қаралиши керак бўлган оилани қўллаб-қувватлаш соҳасида асосиий мақсад – бу иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва маъмурий чоралар орқали боланинг оилада, ва оилавий муҳитда яшаш ва вояга етиш ҳуқуқини таъминлаш. -ушбу болаларни оилага қайтариш ишлари бевосита шу оила, ота-она ва боланинг яқин
қариндошлари билан биргаликда амалга оширилиши керак. Оиланинг моддий аҳволини яхшилаш, иш билан таъминлаш, уларга маънавий ва бошқа масалаларда қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз-ўзини бошқариш органлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб борилиши лозим. -шуни ҳам унутмаслик лозимки, кўп ҳолларда бундай оилаларда боқимандалик кайфияти шаклланиб, ҳаётдаги кундалик муаммоларини ҳал қилиб беришда уларнинг атрофдагилари жонкуярлик кўрсатиши лозим, деган тушунча пайдо бўлади. Шунинг учун оилага ёрдам бериш билан бирга уларда муаммоларни мустақил тарзда ҳал этиш кўникмаларини ҳам психологик ривожлантириб бориш зарур.
References
Ўзбекистон республикаси Президентининг “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4185-сонли Қарори.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини танлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий етимликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 824-сонли Қарори.
Ўзбекистон республикаси “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни, 3-модда.
Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 ноябрдаги 739-сонли “Етим болалар ва ота- онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.
Downloads
Published
How to Cite
Issue
Section
License
Copyright (c) 2023 Исмоилова Дилсўз
This work is licensed under a Creative Commons Attribution-NonCommercial-NoDerivatives 4.0 International License.
All Rights Reserved.